Уй-жойларни улушдорлик асосида қуриш тўғрисидаги қонун Сенатга юборилди

Ҳужжат билан улушдорлик асосида кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини қуриш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади

Мажлисда «Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилмоқда, деб хабар беради парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.

Ушбу ҳужжат билан кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда. Унда улушли қурилиш муносабатлари иштирокчиларининг, давлат органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколатлари, ўзаро муносабатларига оид қоидалар аниқ белгиланяпти.

Қайд этилишича, президентнинг 2025-йил 27-январдаги Фармони билан улушли қурилишда эскроу тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Хусусан, 2025-йил 1 июльдан улушдорлар маблағларини эскроу ҳисобварақлари орқали жалб қилиш тарафларнинг танловига кўра ихтиёрий асосда амалга оширилмоқда. Бу тизим ҳозирда ҳам ишлаб турибди ва фуқаролар уй-жой сотиб олишда ундан фойдаланиши мумкин.

Фармонда 2026-йил 1-январдан маблағларни фақат эскроу ҳисобварақлари орқали жалб қилиш кўзда тутилган. Қонун лойиҳаси билан фуқаролар маблағларини ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий кафолатлар яратилмоқда.

Лойиҳада фуқароларнинг улушли қурилишга киритган маблағларини кафолатли ҳимоя қилиниши механизмлари белгиланмоқда. Жумладан, уларнинг пул маблағлари тўғридан-тўғри қурувчи ихтиёрида эмас, балки банкларда очиладиган эскроу ҳисобварағи орқали сақланади. Қурилиш белгиланган талаблар асосида амалга оширилиб, объект фойдаланишга топширилганидан сўнг маблағлар қурувчига ўтказилади, — дейилади хабарда.

Ҳужжатда қурувчи (девелопер) фақат қонунда белгиланган талабларга жавоб берган, Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтган, ваколатли банк билан бош битим тузган ва лойиҳа декларациясини эълон қилган тақдирдагина аҳоли маблағларини жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, улушли иштирок этиш шартномаси нотариал тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу бир объектнинг такроран сотилиши, ноқонуний шартномалар тузилиши каби ҳолатларнинг олдини олади.

Лойиҳада қурувчи қонун талабларига зид равишда фуқаролар маблағларини жалб қилган тақдирда, улушдор ушбу маблағларни қайтаришни ва улардан фойдаланилганлик учун фоиз тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлиши назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасида қурилиш лойиҳаларини ўз вақтида якунига етказишга қаратилган таъсирчан механизмлар ҳам назарда тутилмоқда. Жумладан, зарур ҳолларда ваколатли банкни ёки қурувчини алмаштириш, қурилишнинг узлуксиз молиялаштирилишини таъминлашга қаратилган молиявий механизмлар яратилмоқда.

Ўзбекистон