Сурхондарёда 5 кг дан ортиқ «опий» моддаси савдоси тўхтатилди
Ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

Сурхондарё вилоятида катта миқдордаги наркотик модда мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.
Хусусан, Термиз туманида ўтказилган тезкор тадбирда жами 5 дона ўрамдаги, умумий оғирлиги 5 кг 362 гр бўлган «опий» моддасини шартли харидорга сотаётган вақтида Термиз шаҳрида яшовчи, 1972 ва 1995 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ушланади.
Уларга ушбу гиёҳвандлик воситалари қўшни Афғонистондаги наркокуръерлар томонидан етказиб берилган. Таъкидланишича, мазкур шахсларнинг бири муқаддам ўғирлик, иккинчиси эса гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этганликлари учун судланган.
Ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





