ЕТТБ Ўзбекистон энергетика тармоғи учун қарийб $50 млн ажратади

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) электр энергиясини тақсимлаш давлат компанияси – «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» давлат аксиядорлик жамиятига 47,1 миллион долларгача кредит ажратди.

47,1 миллион АҚШ долларигача бўлган эркин кредит Банкнинг амалдаги мижози бўлган «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» компаниясига Хоразм ва Бухоро вилоятларининг Саримай ва Жонкелди аҳоли пунктлари ўртасида янги электр узатиш линияси қурилишини молиялаштириш учун берилади. Янги линия умумий ўрнатилган қуввати 1 ГВтгача бўлган, ҳозирда ишлаб чиқилаётган иккита шамол станциясини миллий тармоққа улайди.

Қайд этилишича, тармоқнинг бундай кенгайиши қайта тикланувчи энергия манбаларини Ўзбекистон энергия тармоғига янада чуқур интеграция қилишга ёрдам беради. Бу, шунингдек, мавжуд электр узатиш линияларидаги юкламани мувозанатга солиш ва мамлакатнинг шимолий ва жануби-ғарбий қисмларида электр таъминоти муаммоларини бартараф этишга хизмат қилади.

Ушбу лойиҳа электр таъминоти тизимининг қувватини оширади ва энергия узилишларини камайтиришга ёрдам беради.

«Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга давлат, балки барқарор инфратузилма ечимларига муҳтож бўлган минтақадаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётдир. Банкимиз бундай лойиҳаларни молиялаштириш орқали ушбу ўсишни қўллаб-қувватлашга тайёр», дейди ЕТТБ биринчи вице-президенти Юрген Ригтеринк.

Янгиликлар