Чинозда марихуана олиб юрган фуқаро ушланди
Чиноз туманида фуқаро Б.А 1 килограммдан ортиқ марихуана олиб юрган вақтида ушланди. Бу ҳақда ИИВ ЖҚББ Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси хабар қилди.

Фото: iiv.uz
Хабарга кўра, фуқаро Б.А. Чиноз тумани ҳудудида мақсадсиз юрган вақтида, холислар иштирокида гумонланиб, кўздан кечирилган. Унинг ўнг қўлида бўлган қора рангли целлофан пакет ичида вазни 1 килограмм 140 грамм марихуана гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, ушланган.
Таъкидланишича, ҳолат юзасидан фуқаро Б.А.га нисбатан Чиноз тумани ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодекси 276-моддаси (Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.