Жанубий Корея Ўзбекистон боғчаларига ақлли роботларни топширди
Жанубий Корея 275 та Albert ва Genibot ақлли роботларини Ўзбекистонга топширди. Бу ҳақда UzNews.uz ахборот агентлиги хабар қилди.
Хабарга кўра, Мактабгача таълим вазирлиги, Корея робот саноатини ривожлантириш институти (KIRIA), Корея ўқитувчилар уюшмаси, шунингдек, FRG Korea, Dazzle Edu, Genie Robot ва SK Telecom компанияларининг вакиллари иштирокида онлайн тарзда ўтказилган учрашувда болаларга робототехника ва дастурлаш кўникмаларини ўргатишга мўлжалланган 275 та Albert ва Genibot ақлли роботлари ҳамда 350 та ўқув қўлланмасини совға қилган.
Қайд этилишича, Albert ва Genibot роботлари 6 ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган. Биринчи босқичда бола тайёр кодлаш карталари ёрдамида ўйинчоқни ҳаракатланишга, кўзини милтиратишга, гапиришга мажбур қилади. Шу тарзда у код блокларининг қандай ишлашини тушуниб олади. Ёши каттароқ болалар роботни смартфонга улаб, ўз буйруқлари ва алгоритмларини яратишлари мумкин.
«Келажак робототехника ва автоматлаштирилган саноатга тегишли бўлади. Биз Ўзбекистонда ушбу тараққиётга дахлдор эканлигимиздан мамнунмиз ҳамда Корея ва Ўзбекистон нафақат робототехника соҳасида, балки инновация соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик қилишига умид қиламиз», — деди KIRIA компанияси президенти Чонил Мун.
Таъкидланишича, Albert ва Genibot роботлари бутун Ўзбекистон бўйлаб 53 та МТТга тақсимланади.