Ўзбекистонда квартира учун кадастр паспортини 3, ҳовли учун 5 иш кунида олиш имконияти яратилди

Вазирлар Маҳкамасининг Давлат хизматлари агентлиги ва кадастр тизими мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган навбатдаги ҳужжати тасдиқланди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, янги қарор билан бир қатор хизматлар олиш тартиби соддалаштирилмоқда. Булар:

  • кадастр паспорти;
  • фуқароларнинг номида шахсий турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш;
  • ипотека шартномаларини;
  • кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини;
  • ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқини (сервитут) рўйхатдан ўтказиш давлат хизматлари.

Таъкидланишича, аввал ушбу ҳужжатларни олиш учун фақатгина кўчмас мулк жойлашган кадастр бўлимига мурожаат этиш керак бўлган. Энди эса Давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этиладиган аксарият хизматлар сингари экстерриториал тартибда олиш имкони яратилган. Хизматни, шунингдек, электрон равишда my.gov.uz портали орқали олиш ҳам мумкин.

Бундан ташқари, хизмат олишнинг аниқ тартиби бўлмагани сабабли ходимлар ўзлари истаган вақтда кўрсатиши мумкин эди. Янги тартибга кўра, квартира учун кадастр паспортини 3 иш кунида, ҳовли учун 5 иш кунигача олиш мумкин.

Кадастр (йиғмажилди) паспорти йўқолганда (яроқсиз ҳолга келганда), қоғоз ёки пластик шаклда янги кадастр паспорти 2 иш куни мобайнида берилади. Кўчмас мулк объектларининг нотурар жойга оид қисми бўйича ҳужжат майдонига қараб 5 иш кунидан 25 иш кунига қадар бўлган муддатда тайёр бўлади.

«Aввалги тартибнинг яна бир жиҳати аҳолининг кўп норозичиликларига сабаб бўлган. Боиси кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ тури ёки эгаси ўзгарганда, лекин объектнинг техник параметрлари ўзгармаган тақдирда ҳам мажбурий равишда кадастр паспортини қайта расмийлаштириш керак бўларди. Бу эса фуқаролар томонидан 2 маротаба маблағ сарфланишига (кадастр паспорти ва реестрдан кўчирма олиш) сабаб бўлган. Бу тартиб бекор қилинмоқда», — дейилади агентлик хабарида.

Шунингдек, янги тартибга кўра, кўчмас мулк объекти эгаси ўзгарганда композит хизматдан фойдаланиб, бир ариза билан реестрдан кўчирма ва кадастр паспортини бир вақтда олиш имкони яратилади.

Фуқароларнинг номида шахсий турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномани олиш муддати 5 иш кунидан 3 иш кунига қисқарган. Маълумотнома олиш нархи эса қарийб 38 минг сўмга камайиб (базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизидан 3 фоизга), айни пайтда 6690 сўмни ташкил қилган.

Aввалроқ Ўзбекистонда ФҲДЁ соҳасига оид яхшиланиш ишлари амалга оширилиши белгиланган қарор тасдиқлангани ҳақида хабар берилганди. Таъкидланишича, Ўзбекистонда никоҳланувчиларга қўшфамилияликка рухсат этилади. Масалан, куёв Аҳмедов келин Шуҳратова бўлса, куёв Аҳмедов-Шуҳратов, келин эса Аҳмедова-Шуҳратова бўлиши мумкин.

Янгиликлар