Ўзбекистонда никоҳланувчи келин-куёвга қўшфамилияликка рухсат берилади
Ўзбекистонда ФҲДЁ соҳасига оид яхшиланиш ишлари амалга оширилиши белгиланган қарор тасдиқланди. Хусусан, никоҳланувчи келин-куёвга қўшфамилияликка рухсат берилади. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2020 йилнинг 1 апрелидан мазкур ташкилот Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтгач, соҳада бир қанча ўзгаришлар амалга оширилиши кутилаётганди.
Тасарруфига ФҲДЁ соҳасини қабул қилган ДХА, тизимда фаолият юритувчи ходимларни аттестациядан ўтказиш ишларини бошлади. Ушбу синовлар Адлия вазирлиги мутахассислари томонидан ўтказилиб, тизимда юқори тажрибали кадрлар қолиши таъминланади.
Бундан ташқари, ФҲДЁ органларида техник ходим ҳисобланувчи архивариус лавозими тугатилиб, 1- ва 2-тоифали инспектор лавозимлари жорий этилади. Коррупция ҳолатларининг олдини олиш борасида «ЗАГС» ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари бўйича агентликнинг ҳудудий бошқармалари бўлимлари ходимларига тенглаштирилади.
Бу билан ФҲДЁ ходимлари ойлик иш ҳақлари ўрта ҳисобда 3 бараварга ошиши, ФҲДЁ органи мудираси иш ҳақи 5 миллион сўмга (1,5 миллион сўм бўлган), 1- ва 2-тоифали инспекторлар иш ҳақи 3,2—3,5 миллион сўмга етиши (1,2—1,3 миллион сўм бўлган) кўзда тутилмоқда.
ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйлари мудирлари, инспекторлари ҳокимликлар тизимидаги ишлаган даври кўп йил ишлаганлиги учун устамалар тўлаш ҳамда мартаба даражалари олишга зарур бўлган иш стажига қўшилади. Шу билан бирга, уларга қўйиладиган талаблар ҳам шунга яраша бўлади.
Эндиликда ФҲДЁ органларини туғилиш, ўлим, никоҳ ва ажрим тўғрисидаги гербли гувоҳномалари билан Давлат хизматлари агентлигининг буюртмаларига асосан тўғридан-тўғри таъминлаш тартиби жорий этилмоқда. Яъни «ЗАГС» ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик миссияларига тегишли гербли гувоҳномалар яна-да тезкорроқ етказилади.
Илгари 16 ёшдан ошган, туғилиши қайд этилмаган шахсларнинг туғилганлигини қайд этиш фақат суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилар эди. Энди эса тегишли тиббий маълумотнома мавжуд бўлса, унинг туғилиши ота-она ёки улардан бири ва вояга етган боланинг аризасига кўра ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади.
Қарор билан, шунингдек, бир қатор ҳужжатларни олиш тартиби соддалаштирилди. Масалан, фуқаролик ҳолатлари, жумладан, никоҳ ёки туғилганликни қайд этиш эндиликда гербли гувоҳномалар тақдим этилгандагина эмас, ФҲДЁ архиви маълумотномалари асосида ҳам амалга оширилиши имконини беради.
Бола туғилганда бериладиган суюнчи пули, дафн маросими учун бир маротабалик нафақа пулларини олиш учун маълумотлар энди қўлма-қўл фуқароларга берилмасдан, Пенсия жамғармасига махсус электрон тизим орқали тўғридан-тўғри юборилади.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда никоҳланувчиларга қўшфамилияликка рухсат этилади. Масалан, куёв Аҳмедов келин Шуҳратова бўлса, куёв Аҳмедов-Шуҳратов, келин эса Аҳмедова-Шуҳратова бўлиши мумкин.
«ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимига киритилаётган маълумотларнинг тўғри ва актуаллиги доимий равишда текшириб борилади. Бунинг учун ФҲДЁ органлари ходимлари архивдаги мавжуд ҳужжатларни электрон тизимга киритилган маълумотлар билан солиштириш орқали назорат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 1 сентябрдан нималар ўзгариши маълум қилинган.