Бухоро вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи 400 доллар ва 500 минг сўм пора билан ушланди

Бухорода 7 ноябрь, шанба куни вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи Қ.Р. ўз хизмат хонасида пора олаётган пайтда тегишли идоралар томонидан жиноят устида ушланган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, «Шарқона» тўйхонаси раҳбари фуқаро Қ.М.нинг аризаси юзасидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда 7 ноябрь куни, тахминан, соат 09:20 атрофида Бухоро вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи Бухоро тумани «Чорбакр» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1967 йилда туғилган Қ.Р. ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда Бухоро шаҳридаги «Жамила Жаҳони Лаззат Омад» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қ.М.дан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан карантин қоидаларига риоя қилинмаганлиги ҳолати бўйича 2020 йил 22 сентябрь куни тузилган далолатнома бўйича жарима тайинламаслик эвазига пул талаб қилиб, таъмагирлик йўли билан кимёвий ишлов берилган 400 доллар ва 500 000 сўм нақд пулларни ўзининг хизмат хонасида пора тариқасида олаётган вақтида жиноят устида ушланган.

Фото: Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати

Мазкур ҳолат Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилоят бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Бош прокуратура Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бухоро вилояти бошқармаси масъуллари ҳамкорлигидаги вилоят ҳудудида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган тезкор ва профилактик тадбир давомида аниқланган бўлиб, ҳолат юзасидан департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода тадбиркордан фирибгарлик йўли билан 600 минг сўм пора олган мансабдор қўлга олингани ва Когонда фуқарони «прописка»га қўйдириш эвазига 200 доллар пора олган жиноий шериклар ушлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар