Когонда фуқарони «прописка»га қўйдириш эвазига 200 доллар пора олган жиноий шериклар ушланди
Бухоро вилояти Когон туманида 30 сентябрь, чоршанба куни фуқарони онасининг номида бўлган уйга «прописка»га қўйдириш эвазига 200 доллар пора олган жиноий шериклар ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, ушбу ҳолат 30 cентябрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси биноси олдида аниқланган. Бунга кўра, тумандаги «Чолоқи» маҳалласида яшовчи 1970 йилда туғилган Қ.К. маҳалладоши 1982 йилда туғилган У.М. билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, мазкур жинаятга қўл урган.
Маълум қилинишича, улар фуқаро С.Р.ни алдаб, туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси бошлиғи орқали уни опаси Ш.М. яшаб келаётган «Истиқбол» маҳалласида жойлашган онаси З.Б.нинг эгалигидаги хонадонга доимий рўйхатга қўйишни ваъда қилиб, кимёвий ишлов берилган 200 долларни фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида қўлга олинган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Қ.К. ва У.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Наманганда ўқишга киритиб қўйишини айтиб, салкам 2 минг доллар талаб қилган университет ўқитувчиси ҳамда Ромитанда фуқарони тиббиёт коллежига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 400 доллар «ишламоқчи» бўлган шахс қўлга олингани маълум қилинди. Шунингдек, Бувайдада фуқарони ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2 минг доллар пора олган шахслар ва Андижонда ўқишга киритиб қўйишини айтиб, 4 минг доллардан ортиқ пул талаб қилган ўқитувчи ушлангани ҳақида хабар берилган эди.