Ўзбекистонда физикага доир инновацион лойиҳалар учун 500 млрд сўм ажратилади

Ўзбекистонда физикага доир инновацион лойиҳалар учун 500 млрд сўм ажратилади. Бу ҳақда АОКАдаги брифингда Бош вазир маслаҳатчиси Олимжон Умаров маълум қилди.

Фото: «Tez News»

«‘Рақамли Ўзбекистон – 2030’ стратегиясини кенг кўламда амалга ошириш, иқтисодий тармоқларда рақамли технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш — барқарор иқтисодий ўсишнинг устувор йўналиши этиб белгиланди. Хусусан, ‘Электрон суд’, ‘Ижтимоий нафақаларнинг электрон реестри’, ‘Электрон поликлиника’, ‘Электрон таълим’ каби йирик лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, яна 1500 та мактабни ‘Электрон кундалик’ тизимига улаш кўзда тутилган», — дейди Олимжон Умаров.

Бундан ташқари, фермерлар, кластерлар, қишлоқ хўжалиги мажмуалари ходимлари учун 28 та дастурий таъминот ишлаб чиқишни ўз ичига олган «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ҳамда 50 000 кв. км. дан зиёд қишлоқ хўжалиги майдонларини спутник таҳлили ўтказилади. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, 9000 та маҳаллани интернет тармоғига улаш ва «Маҳалла ягона ахборот соҳаси»ни яратиш кўзда тутилган.

«Тошкент шаҳрида Талабалар шаҳарчасида талабалар ва ёш олимлар учун ‘Олий ўқув юртлариаро ва инновацион илмий маркази’ очилади. Жорий йилда биринчи марта мутахассислар ва уларнинг стартап лойиҳалари учун давлат бюджетидан 50 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилди. Илм-фанни, жумладан физикани ривожлантириш мақсадида илмий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун 500 млрд сўм ажратилиши режалаштирилмоқда», — дейди Бош вазир маслаҳатчиси.

Аввалроқ Ўзбекистондаги барча мактабларда «Шахмат синфлари» очилиши ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар