Серхио Рамос «Реал» футбол клуби билан шартномани узайтиришдан бош тортди

Испаниянинг «Реал» футбол клуби сардори Серхио Рамос жамоа билан тузган шартномасини бекор қилди. Бу ҳақда Испаниянинг Cоре радиостанцияси хабар бермоқда.

Фото: Futbik.com

Маълум бўлишича, Рамос коронавирус инқирози сабабли 10 фоизга қисқартирилган икки йиллик иш ҳақи ва амалдаги маоши (12 миллион евро) билан бир йиллик таклифини рад этган.

Манбага кўра, «Реал» энди шартномани узайтириш бўйича таклифлар билан чиқмоқчи эмас. Шунингдек, Рамоснинг ўзи ҳам аллақачон клуб билан хайрлашган.

Қайд этилишича, Рамос ўтган ҳафтада чап тизза менискуси билан операция қилингани боис 6-7 ҳафтани ўйинсиз ўтказиб юборади.

Таъкидланишича, Рамос «Реал» сафида 2005 йилдан бери ўйнаб келмоқда. Мадрид жамоаси таркибида у беш карра Испания чемпиони, икки карра кубок ва тўрт карра Суперкубок соҳиби бўлган.

Шунингдек, у тўрт марта Чемпионлар лигаси, клублар ўртасидаги жаҳон кубоги ва уч марта UEFA cуперкубогини ютган. Испания терма жамоаси таркибида Рамос Жаҳон кубоги (2010) ва Европа чемпионати (2008, 2012) ғолибига айланган.

Маълумотга кўра, жорий мавсумда Рамос турли турнирларда 18 учрашув ўтказиб, учта гол урган ҳамда битта голли узатмани амалга оширган.