Отабек Умаров Осиё Олимпия Кенгаши вице-президентлигига сайланиши мумкин

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Ижроия қўмитасининг 9 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишида Отабек Умаров номзоди Осиё Олимпия Кенгаши вице-президентлигига илгари сурилди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, мажлис онлайн тарзда ўтган ва унда ташкилот олдида турган бир қатор муҳим вазифалар, келажакдаги режалар муҳокама қилинган. Маълум қилинишича, кун тартибидан 16 декабрь куни Ўмоннинг Маскат шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё Олимпия Кенгашининг навбатдаги Бош ассамблеясига тайёргарлик кўриш, ушбу тадбирда бўлиб ўтадиган ООК раҳбарияти таркибига, хусусан, ташкилот вице-президентлигига Ўзбекистон томонидан таклиф этиладиган номзодни кўриб чиқиш масалалари ўрин олган.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати

Шунингдек, маскатда бўлиб ўтадиган Бош ассамблея кун тартибидан 2030 йил бўлиб ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари мезбонини аниқлаш, ташкилот вице-президентларини сайлаш, 2025 йил бўлиб ўтадиган ИВ ёшлар Осиё ўйинлари мезбон мамлакати билан шартнома имзолаш каби масалалар ўрин олган.

Таъкидланишича, мажлисда Отабек Умаров номзоди Осиё Олимпия Кенгаши вице-президентлигига илгари сурилган.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати

«ООК вице-президентлигига кўрсатилаётган номзод айни пайтда энг муносиб вакил деб айтишим мумкин. Бу инсон спортни ғоятда севади ва ўзи ҳам спорт билан мунтазам шуғулланади. Фаолияти давомида мамлакатимизда бир қатор спорт турларини ривожлантиришда, Олимпия ҳаракатини тарғиб қилишда ташаббус кўрсатган», – деди Миллий олимпия қўмитаси раиси.

Қайд этилишича, Ижроқўм йиғилиши орқали Ўзбекистон номидан ООК вице-президентлигига номзод вакил тавсия этиш амалиёти ўзбек спорти тарихида биринчи бор йўлга қўйилмоқда.

Aввалроқ Отабек Умаров триатлон федерацияси ва ММA ассоциацияси раҳбарлигидан кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Отабек Умаров ва Улуғбек Максумов Тиматининг «Rolls Royce» қўйилган пулли танловида ҳомий бўлгани хабар қилинган.

Янгиликлар