Отабек Умаров ва Улуғбек Максумов Тиматининг «Rolls Royce» қўйилган пулли танловида ҳомий бўлди

Россиялик дунёга машҳур рэперлар Тимати, Жиган ва Егор Крид ўзларининг giveaway’ини эълон қилди. Ғолиблар учун «Rolls Royce» Phantom ва пул мукофотлари қўйилган конкурсда Отабек Умаров ва Улуғбек Максумов ҳам ҳомийлик қилмоқда, дея хабар берди «TBLD».

Фото: «TBLD»

Маълум қилинишича, танлов соврини тасодифан танланмаган. 30 октябрь куни «Black Star»нинг собиқ аъзолари «Rolls Royce» треки учун олинган клипни тақдим этган. Хабарга кўра, пулли танловда жами 155 нафар ҳомий бўлиб, ҳомийлик нархи 4261 долларга тенг.

Ушбу конкурсга режиссёр Павел Худяков ва унинг қизи, қандолатчи Ренат Aгзамов, телебошловчи Виктория Боня, блогер Наталя Якимчук ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг қариндошлари ҳам ҳомийлик қилган. Шунингдек, унда ўзбекистонлик машҳурлар — Улуғбек Максумов ва Отабек Умаров иштирок этади.

Коллаж: «TBLD»

Маълумот ўрнида, Улуғбек Максумов Марғилонда туғилган, ҳозирда Дубайда яшайди ва «INKAS» компаниясининг раҳбари ҳисобланади. 41 ёшли тадбиркор автомобилларни йиғишни яхши кўради ва унинг паркида аллақачон 25 та машина бор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бухоролик йигит россиялик рэпердан «Mercedes» ютиб олганди ҳамда рэпер Ўзбекистон ҳукуматидан «растаможка»да ёрдам сўраган. Шунингдек, «Mercedes»ни Ўзбекистонга олиб киришида божхона тўлови қанчага тушиши маълум бўлганди.

Кейинчалик россиялик рэпер «Mercedes»ни Ўзбекистонга олиб киришда божхона тўлови учун унга 2 миллион рубль кераклигини таъкидлаган. Бу орада машинани ютиб олган бухоролик йигит аккаунтига ҳужумлар қилингани айтилган.

Шоу-бизнес