Бухоролик йигит россиялик рэпердан «Mercedes» ютиб олди. Рэпер Ўзбекистон ҳукуматидан «растаможка»да ёрдам сўрамоқда

Россиялик таниқли рэпер Алишер Моргенштерн 18 октябрь куни ўзининг Instagram’даги саҳифасида ютуқли ўйин ўтказди. Унда рэпер мукофотга ўзининг «Мерин» автомобилини, шунингдек, пуллик ютуқ ва ўзининг бренди остидаги кийимларни қўйган.

Кадр: YouTube

Ўйин Моргенштерннинг «Утренняя звезда» («Тонг юлдузи») бренди остидаги кийимларни бериш билан бошланган. Охирида эса машина ўйналган. Унга кўра, «Mercedes-Benz» ғолиби @aza_1002 никнеймидан фойдалануви бухоролик йигит бўлган.

Танлов шартларига кўра, Моргенштерн ғолибни шахсан табриклашни ваъда қилган:

«@aza_1002’ни табриклайман. Сен бу тойчоқни оласан. Биз эса Ўзбекистонга, Бухорога борамиз! Ўзбекистон, бизни кут! Бу калит энди сеники. Сен билан алоқага чиқамиз», — дейди Моргенштерн.

Жонли эфирдаги ушбу гапларидан сўнг Моргенштерн «Мерин»нинг Ўзбекистонга олиб кириш нархини билгач Instagram’да видеомурожаат билан чиққан.

«Ўзбекистонда машинани ‘растаможка’ қилиш қанча туришини биласизларми? Битта машинанинг пули экан», — дейди артист.

Шу ўринда у ҳукуматдан ёрдам сўраган. Моргенштерн унинг сафари овоза бўлишини ва тарихга киришини ваъда қилган.

Маълумот учун, ютуққа қўйилган «Мерин» рэпернинг илк машинаси ҳисобланади. Уни сотиб олганида Моргенштерн «Новый Мерин» номли қўшиқ ёзган. Ҳозирда шу қўшиққа ишланган клип Моргенштерннинг YouTube’даги каналида энг кўп кўрилган видео ҳисобланади.

Аввалроқ Булоқбоши ҳокими пахта режасини биринчи бажарган фермерга «Nexia-3» совға қилгани хабар қилинган эди.