«Бугунги Қуролли кучларимиз беш йил олдинги армия эмас» — Шавкат Мирзиёев
Президент, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 11 январь, душанба куни «Фориш» тоғ полигонида Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлиги билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари 2018 йил март ойида мазкур ҳудудда бўлиб, бу ерни намунавий полигонга айлантириш, янги концепция ишлаб чиқиб, мамлакатимиздаги барча ҳарбий полигонларни модернизация қилиш бўйича топшириқлар берган. Шулар асосида ушбу махсус ўқув-синов майдони замон талабларига мослаштирилди, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишга қаратилган энг илғор шароитлар яратилган.
«Бунинг натижасини база инфратузилмаси янгиланганидан сўнг, бу ерда 2019 ва 2020 йилларда ўтказилган Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги терма жамоаси биринчиликни қўлдан бой бермай келаётганида ҳам кўриш мумкин. Полигон ҳудудида қурилган объектлар ҳақида дастлаб жой макети орқали маълумот берилди. Давлат раҳбари ҳарбийлар ётоқхонаси, сузиш ҳавзаси, спорт залидаги шароитлар билан танишди. Марказий ва Шарқий ҳарбий округларнинг регби бўйича терма жамоалари мусобақасини кузатди», дейилади хабарда.
Таъқидалишича, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ҳарбий хизматчилар билан бир дастурхон атрофида самимий суҳбатлашган. Истеъдодли аскарлар бахшичилик санъатидан намуналар ижро этган. Шунингдек, давлат раҳбари «Фориш» тоғ полигонида қўшинлар ихтиёридаги замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни кўздан кечирган.
Ундан сўнг Марказий ҳарбий округ қўшинларининг шартли душманни йўқ қилиш бўйича жанговар машғулотлари, ҳарбий муҳандислик амалиётлари намойиш қилинган. Шу ерда шахсий таркиб билан мулоқот бўлган. Президент дунёда ахборот хуружи тобора авж олаётган бугунги кунда Қуролли Кучлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, халқ ва армия бирдамлигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этиши кераклигини таъкидлаган.
«Бу полигон халқаро стандартларга мос бўлиши керак. Аскар ва зобитларни тайёрлаш шунга мувофиқ бўлиши зарур. Бунинг учун сифат, жанговар маҳоратга алоҳида эътибор қаратиш лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ҳарбийларни Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаган.
«Кейинги йилларда байрам арафасида учрашиш анъанага айланди. Бугунги Қуролли Кучларимиз беш йил олдинги армия эмас. Мудофаа доктринамиз бўйича қилинган ишлар натижасида миллий армиямизнинг салоҳияти ҳар томонлама ошди. Эришган муваффақиятларимиз билан бирга олдимизда кўп режалар, вазифалар турибди. Қўшинларнинг жанговар ҳолатини янада мустаҳкамлашимиз керак. Бунинг учун билим, тажриба, тайёргарлик зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, Президент қўшинларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берган. Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Тошкентга қайтиб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев таътилдан қайтгани ва Марказий ҳарбий округ артиллерия бригадасини бориб кўргани ҳақида хабар берилганди.