Шавкат Мирзиёев таътилдан қайтди. Президент Марказий ҳарбий округ артиллерия бригадасини бориб кўрди

Шавкат Мирзиёев 11 январь куни Жиззах вилоятига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, давлати раҳбари дастлаб Марказий ҳарбий округнинг артиллерия бригадасини бориб кўрган. Мазкур ҳарбий қисмда катта ҳажмдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, барча замонавий қулайликлар яратилган. Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ушбу шароитларни кўздан кечирган.

«Асосий мақсадимиз — халқ билан армия бирдамлиги. Ҳарбий қисмлар эшиклари эл учун очиқ бўлиши керак. Миллий армиямизнинг нури, маънавияти ҳаммага етиб бориши зарур. Ёшларни бу ерга олиб келиб кўрсатиш, ўргатиш керак. Бу уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимиз тарихи ва қудрати ҳақида билимларини бойитишга хизмат қилади. Бундан ота-оналар ҳам хурсанд бўлади», — деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўқув биноси энг илғор ҳарбий тайёргарлик талабларига мос жиҳозланган. Ўқув тренажёрлари жанговар вазиятга максимал яқинлаштирилган. Давлат раҳбари аскарларнинг ўқув-машғулотларини кўздан кечирган. Ҳарбий билим ва кўникмаларни мактаб давриданоқ тўғри йўлга қўйиш, ҳарбий билим юртлари билан ҳарбий округлар ўртасидаги алоқани кучайтириш муҳимлиги таъкидланган.

Мутасаддиларга бугун дунёда кузатилаётган хавф-хатарлардан келиб чиқиб, жанговар тайёргарликни янги поғонага кўтариш, хориж тажрибасини ўрганиш, энг илғор ахборот технологияларини ўзлаштириш бўйича кўрсатмалар берилган.

Таъкидланишича, ётоқхоналарда ҳарбий хизматчиларнинг яшаши, дам олиши, вақтини мазмунли ўтказиб, билимларини мустаҳкамлаши учун барча қулайликлар бор. Ҳарбий қисм ошхонасига хизмат кўрсатиш бўйича аутсорсинг тизими жорий қилинган. Бу аскарларнинг ҳамма вақти ва куч-ғайратини профессионал тайёргарликка қаратиш имконини бермоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев ҳарбий қисмдаги тиббиёт пунктини кириб кўрган. Бу ерда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига малакали хизмат кўрсатилмоқда. Президент ушбу пунктдаги ускуна ва кадрлар салоҳиятидан фойдаланиб, ҳарбий қисм яқинидаги Олмачи маҳалласи аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказиш, халқ саломатлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Мудофаа вазирлигининг захираси сифатида ҳар бири 500 ўринлик иккита мобил госпиталь ташкил этиш бўйича топшириқ берилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 4 январдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққанди. Давлат раҳбарининг таътили Ўзбекистон ҳудудида ўтказилиши режалаштирилгани хабар қилинган.

Янгиликлар