Самарқандда хотинини ўлдириб, уйини ёқиб юборган шахсга жиноят иши қўзғатилди (видео)
Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида уй-жой масаласида ўзаро келиб чиққан низоли вазият сабаб хотинини қасддан ўлдирган ва ўзига ҳам тан жароҳати етказиб, уйини ёқиб юборган шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «O‘zbekiston24» телеканалинида хабар берилди.
Хабарда айтилишича, Самарқанд шаҳрининг маҳаллаларидан биридаги хонадонда 2020 йил 7 августдан 8 августга ўтар кечаси ёнғин чиққанлиги ҳақида Фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин хавфсизлиги бошқармасига хабар берилган. Воқеа жойига етиб келган ўт ўчириш ходимлари уйнинг ичкарисига кирганда ҳовлининг ўртасида аёл кишининг жасадини кўрган ва Ички ишлар органларига хабар берган. Хонадонда қотиллик содир этилганлиги ҳақидаги маълумотлар асосида Ички ишлар органлари томонидан қотилликни ким, нима сабабдан ва қандай содир қилганлиги ҳақидаги дастлабки маълумотлар йиғилган.
«Воқеа жойини кўздан кечириш мақсадида тезкор тергов гуруҳи томонидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида, ҳақиқатдан ҳам, мазкур жиноятни содир этган шахс қўлга олинди. Ушбу фуқарони шахсига ойдинлик киритиш мақсадида текширувлар ўтказилганда марҳуманинг турмуш ўртоғи эканлиги аниқланди. Фуқаро бир неча маротаба руҳий касалликлар шифохонасида даволаниб чиққанлиги ҳам маълум бўлди. Олиб борилган суриштирув ишлар натижаси шуни кўрсатяптики, жанжалга сабаб сифатида оиладаги носоғлом муҳит ҳамда эр-хотин ўртасида уй-жой масаласида ўзаро келиб чиққан низоли вазият мазкур қотилликни келтириб чиқарган», — дейди Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати раҳбари Жаҳонгир Саъдуллаев.
Таъкидланишича, Ички ишлар органларининг олиб борган саъй-ҳаракатлари, тўпланган маълумотлари тегишли тартибда расмийлаштирилган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Аввалроқ Бухорода қайнатасининг фоҳишаликда айблаб, доимий зулмларига чидолмаган келин устига бензин сепиб, ўзини ёқиб юбориши оқибатида вафот этгани, Шаҳрисабзлик эркак оилавий жанжал сабаб ўзи, 3 нафар фарзанди ва аёлини ёқиб юборгани ва Aндижонда эркак оилавий келишмовчилик сабаб хотини ва қизини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди.