Ўзбекистон Туркманистон билан коронавирусга қарши кураш борасида қўшма тадқиқотлар ўтказади

Ўзбекистон Туркманистон билан коронавирус тарқалишига қарши кураш борасида қўшма тадқиқотлар ўтказади. Президент матбуот хизмати хабар беришича, Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотида бунга келишиб олган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, суҳбат аввалида давлат раҳбари Туркманистон етакчиси ва қардош туркман халқини ушбу мамлакат Бетарафлигининг 25 йиллиги билан табриклаб, тинчлик, фаровонлик, тараққиёт ва равнақ тилаган. Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликка оид ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилган.

Президентлар Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилганини қайд этган. Савдо, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва транзит, ҳудудлараро ришталар ва гуманитар дастурлар каби муҳим соҳалардаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланган.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш борасида амалий алоқаларни йўлга қўйиш ва қўшма тадқиқотлар ўтказиш бўйича келишиб олинган. Олий даражада эришилган келишувларни сўзсиз рўёбга чиқаришда қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг самарали иши ва фаол идоралараро мулоқот муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланган.

Давлат раҳбарлари жаҳондаги вазият юзасидан фикр алмашган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги анъанавий яқин мулоқотларни ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олган. Президентлар минтақавий ҳамкорлик истиқболларига алоҳида тўхталган, шунингдек, бўлажак МДҲ саммитига тайёргарликни муҳокама қилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев коронавирус вакцинасини Ўзбекистонга олиб келган Россия саноат ва савдо вазирини қабул қилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президентини Тоғли Қорабоғда уруш тугагани билан табриклаган.

Янгиликлар