Ўзбекистонда бир қатор давлат хизматларида фуқаролардан «прописка» талаб этилмаслиги мумкин

Шавкат Мирзиёевнинг «Аҳоли ва тадбиркорларга енгилликлар яратиш ҳамда бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг лойиҳаси 10 декабрь куни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Фото: «Tez News»

Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, 2021 йил 1 мартдан бошлаб фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ҳамда юридик шахсларнинг почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъи назар, никоҳдан ўтиш, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш, ТИЕК кўригидан ўтиш ва транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш экстерриториал тамойил бўйича амалга оширилади.

Шунингдек, фармон билан нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали олинади.

Шунингдек, мазкур Ҳужжат лойиҳаси билан 2021 йил 1 мартдан бошлаб:

  • тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда юридик шахснинг вакилидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилади;
  • давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар, шунингдек тезлаштирилган тартибда давлат хизмати кўрсатилмаганлиги учун қўшимча ундирилган йиғимлар суммаси соддалаштирилган тартибда Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир иш куни ичида қайтарилади. Бунда қайтариб берилган суммалар Агентлик томонидан тегишли ваколатли органлардан регресс тартибида ундириб олинади;
  • давлат хизматларини кўрсатишда ариза ёки унга илова қилинган ҳужжатларда тўғрилаш мумкин бўлган хатолар мавжуд бўлса ёхуд талаб қилинган ҳужжатлар етишмаса ваколатли орган давлат хизматини кўрсатишни рад этмасдан, уларни тўғрилаш учун аризачига имконият ва муддат беради. Бунда аризани кўриб чиқиш муддатини ҳисоблаш хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш учун ваколатли орган томонидан берилган вақт давомида тўхтатиб турилади;
  • давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинади. Бунда фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ушбу ҳужжатлар электрон кўринишда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали чекланмаган миқдорда бепул олинади.

Aввалроқ Ўзбекистонда 2 қаватдан юқори шахсий уйлар қурилиши назоратга олиниши ҳамда Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2023 йилга қолдирилгани ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар