Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2023 йилга қолдирилди

Вазирлар Маҳкамасининг 11 ноябрдаги қарори билан Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш муддати 2022 йилдан 2023 йилга қолдирилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, ҳукуматнинг «Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори республикада мустақиллик йилларида аҳолини рўйхатга олиш тадбири биринчи марта ўтказилаётганлигини инобатга олиб, тадбирга пухта тайёргарлик кўриш ва уни сифатли ўтказиш мақсадида қабул қилинган.

«Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги 5655-сонли фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш 2022 йилда ўтказилиши белгиланган эди. Aҳолини рўйхатга олиш кенг кўламли, кўп вақт талаб қилувчи ва қиммат иш деб ҳисобланади, шу сабабли бу 2−3 йиллик тайёргарлик ишларини талаб қилади», дейилади қўмита хабарида.

Шунингдек, қўмита матбуот хизмати айни пайтда дунёда кузатилаётган коронавирус пандемияси сабабли кўплаб давлатлар аҳолини рўйхатга олиш муддатини кейинги йилларга қолдираётганини қўшимча қилган. Хусусан, 2020 йилда Россия, Қозоғистон ва Aрманистонда ўтказилиши режалаштирилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари 2021 йилга кўчирилган.

Aввалроқ Ўзбекистонда мобиль алоқа тизимига уланган абонентлар сони маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 100 та хонадонга нечта телевизор тўғри келиши маълум бўлганди.

Янгиликлар