«Time» журнали «Йил одами»ни эълон қилди

Американинг таниқли «Time» журнали АҚШнинг янги президенти Жозеф Байден ва унинг сайловдаги ҳамкори Камала Харрисни «Йил одами» деб эълон қилди. Бу ҳақда журналнинг Twitter саҳифасида маълум қилинди.

Фото: Instagram

Журналнинг таъкидлашича, Байден АҚШ тарихидаги президентлик сайловларида энг кўп овоз тўплаган. Бу билан Байден 44-президент Барак Обаманинг рекордини янгилагани айтилмоқда.

Байдендан ташқари, нашрнинг илгари эълон қилинган қисқа рўйхатига Дональд Трамп, АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича бош мутахассиси Энтони Фаучи ва афроамерикалик Жорж Флойдни ҳибсга олиш пайтида вафот этиши ортидан АҚШда бошланган ирқий адолат ҳаракатидагилар ҳам киритилган эди.

Аввалроқ «Time» журнали тарихдаги энг ёмон йилни эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, 2020 йил ҳозирги авлод учун дунё тарихидаги энг ёмон йил деб топилган. Шунингдек, Британиянинг Collins луғати томонидан «Lockdown» сўзи 2020 йилда йил сўзи деб топилган.