Президент инсон аъзолари трансплантациясини тартибга солувчи қонунни имзолади

«Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги қонун Президент томонидан имзоланди.

Қонунга кўра, инсон аъзолари ва тўқималарини олиш ҳамда уларнинг трансплантацияси давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилади. Ушбу муассасаларнинг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Инсон аъзоларини ва тўқималарини реципиентларга трансплантация қилиш зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулоса асосида амалга оширилади. Амалиёт реципиентнинг ёзма розилиги билан амалга оширилади.

Қонунга кўра, инсон аъзоларини унинг мурдасидан олишга унинг тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади. Тирик донор трансплантация ўтказиш учун розилик беришга мажбурлаш тақиқланади.

Қуйидагиларга нисбатан инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишга йўл қўйилмайди:

  • 18 ёшга тўлмаган шахсларга (бундан суяк илигини трансплантация қилиш ҳоллари мустасно);
  • белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга, шунингдек руҳий ҳолатнинг бузилишларига (руҳий касалликларга) чалинган шахсларга;
  • қамоқда ёки озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларга;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
    ҳомиладор аёлларга;
  • шахси аниқланмаган шахсларга;
  • муайян яшаш жойи бўлмаган шахсларга;
  • «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшовчи шахсларга;
    аъзоси ва (ёки) тўқималари илгари трансплантация учун олинган шахсларга.

Ўзбекистон фуқароси чет давлат фуқароси бўлган реципиент учун донор бўлиши мумкин эмас. Трансплантация қилинадиган инсон аъзоларини ва тўқималарини Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиш тақиқланади.

Инсон аъзоларидан фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек трансплантацияга муҳтож шахсларга тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Донорларнинг, реципиентларнинг, шунингдек инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг ягона давлат реестри ташкил этилади.

Ягона давлат реестрида:

  • аъзоларнинг ва (ёки) тўқималарнинг потенциал реципиентлари;
    ўзига нисбатан аъзолар (аъзонинг бир қисми) ва (ёки) тўқималарнинг трансплантацияси бажарилган реципиентлар;
  • ўзидан аъзолар ва (ёки) тўқималар олинишига нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган тирик донорлар;
  • ўзининг биологик ўлими юз бериши факти аниқланганидан кейин ўз танасидан (танасининг қолдиқларидан) аъзолар ва (ёки) тўқималар олинишига тириклик чоғида нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган шахслар;
  • ўзидан трансплантация учун аъзолар ва (ёки) тўқималар олинган донорлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Янгиликлар