Булунғурда йўл ўртасида маст ҳолда ётган 20 ёшли йигит «Nexia» босиб кетиши оқибатида вафот этди
Самарқанд вилояти Булунғур туманида «Nexia» ҳайдовчиси йўл ўртасида маст ҳолда ётган 20 ёшли йигитни босиб кетди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 11 сентябрь куни соат 5:30 ларда Самарқанд вилояти Булунғур тумани ҳудудидан ўтган 4М 503 автомобиль йўлининг 4-километрида 1990 йилда туғилган ҳайдовчи М.А. «Nexia» русумли автомобилни бошқариб кетаётиб, олдинда, йўл қатнов қисмининг ўртасида маст ҳолда, чопонга ўраниб ётган пиёда — 2000 йилда туғилган А.Э.ни устидан босиб ўтиб, ЙТҲ содир этган.
Оқибатда 20 ёшли А.Э. оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Булунғур тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чортоқда каналга ағдарилган «Cobalt» ҳайдовчиси машинадан отилиб чиқиб ҳалок бўлди.
Шунингдек, Косонсойда «Nexia» уриб юборган пиёда шифохонада вафот этди.