«ГАИ» ходими ҳайдовчининг соқол ўстирганига эътирози акс этган видео юзасидан муносабат билдирилди
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси 12 сентябрь куни ижтимоий тармоқда тарқалган «’ГАИ’ ходими ҳайдовчининг соқол ўстирганига эътироз билдирди» сарлавҳаси остидаги видео юзасидан муносабат билдирди.
Видеолавҳадаги ҳолат ўрганилганда воқеа 5 сентябрь куни соат 09:30 ларда Навоий шаҳрида юз бергани маълум бўлган. И.Каримов кўчасида хизмат олиб бораётган Навоий вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори Ў.Ҳалимов «Spark» ҳайдовчисини тўхтатган.
Муносабатда ёзилишича, ўзаро мулоқот вақтида ЙПХ инспектори ҳайдовчининг соқол ўстирганлик ҳолатига эътироз билдирган. Ходимнинг ушбу эътирозларини ҳайдовчи шахсий уяли алоқа воситаси орқали видео тасвирга олган. Видео тасвир ижтимоий тармоқда тарқалган.
«Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширув хулосаси бўйича қўшимча маълумот берилади», дейилади муносабатда.
Аввалроқ Самарқандда ЙПХ инспекторига бўйсунмай, транспортни хавфли тарзда бошқарган ҳайдовчи 6 суткага қамалгани, Фарғонада йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқловчи фотовидеофиксация ва онлайн радар қурилмалари ўрнатилгани хабар қилинган эди.