Фарғонада йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқловчи фотовидеофиксация ва онлайн радар қурулмалари ўрнатилди
Фарғона вилояти ҳудудида йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқловчи махсус фотовидеофиксация ва онлайн радар қурулмалари ўрнатилди ҳамда ЙПХ инспекторларига қоидабузарликларни расмийлаштирувчи планшетлар тарқатилди, деб хабар бермоқда вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, мавжуд қурулмалар ёрдамида аниқланган қоидабузарликлар дастлаб Тошкент шаҳридаги марказлаштирилган серверга узатилиб, ундан сўнг вилоят ички ишлар бошқармаси (ИИБ) Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимига тасдиқлаш учун юборилган.
Баъзи ҳолатларда қоидабузарлик тўғрисидаги қарорлар тўловчиларга етиб келиши муддати 15 кунгача бўлган даврни ташкил этаётганлиги фуқароларнинг эътирозига сабаб бўлган. Вазирлар Маҳкамасининг 612-сонли қарорига асосан эса 15 кун муддат ичида тўланган жарималар миқдоридан 30 фоизгача чегирма қилиниши кўрсатиб ўтилган.
«Юқоридаги муаммони бартараф этиш мақсадида вилоят ИИБ томонидан аниқланган қоидабузарликларни жамловчи махсус сервер қурулмалари сотиб олинган. Ушбу қурилмалар ёрдамида онлайн тарзда аниқланган қоидабузарликларни 3 кун ичида кўриб чиқиш мумкин бўлади», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистонда ўтказилган рейдларда 6 кун давомида қанча қоидабузарлик аниқлангани маълум бўлганди. шунингдек, Фарғонада ЙПХ ходимлари томонидан махсус планшетлар орқали 305 та коидабузарлик аниқлангани ҳақида хабар берилганди.