Фарғонада ЙПХ ходимлари томонидан махсус планшетлар орқали 305 та коидабузарлик аниқланган
Фарғона вилоятида йўл-патруль хизмати инспекторлари қоидабузарликларни қайд этишда фойдаланиладиган планшетлар билан таъминлангани маьлум қилинганди. Ҳозирда ушбу планшетлар орқали йўл ҳаракати қоидаларининг 91-бандида назарда тутилган қоидабузарликларга электрон тарзда маъмурий баённомалар расмийлаштирилмоқда, деб хабар берди Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.
Таькидланишича, шу пайтга қадар ушбу қурилмалар орқали 305 та ҳолатда тўхташ ва тўхтаб туриш мумкин бўлмаган жойларда — пиёдалар ўтиш жойларида ва улардан олдин 5 метрдан кам масофа қолганда, қатнов қисми кесишмаларида ва кесишаётган қатнов қисми четига, бекат майдончаларида, йўналишли транспорт воситалари тўхташ жойларида ва шу каби ман этилган жойларда қолдириб кетилган автомобилларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Маьлумот ўрнида, йўл ҳаракати қоидаларининг 91-бандига асосан қуйидаги жой ва ҳолатларда тўхташ таъқиқланади:
— туннелларда, темир йўл кесишмаларида;
— бир йўналишда ҳаракатланиш учун учтадан кам бўлаги бўлган кўприк, йўл ўтказгич ва эстакада ҳамда уларнинг остида;
— тўхтаган транспорт воситаси билан сидирға чизиқ (қатнов қисмининг четини белгиловчи чизиқдан ташқари), ажратувчи бўлак ёки қатнов қисмининг қарама-қарши чети орасидаги масофа 3 метрдан кам бўлган жойларда;
— пиёдалар ўтиш жойларида ва улардан олдин 5 метрдан кам масофа қолганда;
— қатнов қисмининг хавфли бурилишларида;
— лоақал бир йўналишдаги кўриниш масофаси 100 метрдан кам бўлган йўл дўнгликлари яқинида;
— қатнов қисми кесишмаларида ва кесишаётган қатнов қисми четига
— 5 метрдан кам масофа қолганда;
— бекат майдончаларида, йўналишли транспорт воситалари тўхташ жойларида;
— транспорт воситаси светофор ишоралари, йўл белгиларини бошқа ҳайдовчилардан тўсиб қўядиган, бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига (кириш ва чиқишига) имкон қолдирмайдиган ёки пиёдаларнинг ҳаракатига халақит берадиган жойларда ҳамда 3.27 йўл белгиси ёки 1.4 йўл чизиғи таъсири доирасида.
Аввалроқ Наманганда ЙПХ инспекторига 50 AҚШ доллари пора таклиф этган ҳайдовчи қўлга олингани, Фарғонада ЙҲХБ ходимини машинасида судраган ҳайдовчига жиноят иши қўзғатилгани ва Самарқандда ЙПХ инспекторига карантин постида тартибни бузгани учун “Танбеҳ” берилгани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Фарғонада қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан қарийб 1,8 миллиард сўм жарима белгиланган эди.