Тошкентда 2 нафар эркак ҳомиладор аёлни уйида қийнаб, 500 доллар пулни ўғирлади — видео

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги хонадонлардан бирига 30 ноябрь куни икки нафар эркак бостириб кириб, ҳомиладор аёл ва унинг 6 ёшли фарзандини қийнаб, қимматли буюмларни ўғирлади. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram/@iibbuz

Маълум қилинишича, шу куни 102 қисқа рақамига аёл киши томонидан қилинган қўнғироқ юзасидан ички ишлар органи ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб борган. Ходимлар етиб келганда аёл ва унинг ўғли кучли стресс ҳолатида бўлган.

Aёлнинг айтишича, турмуш ўртоғини соат 10:00 да ишга кузатгач, эшик тақиллаган. У эса кимлигини сўрамасдан, эшикни очган. Бегона шахсларни кўргач, эшикни қайта ёпишга улгурмай қолган. «Мен уни итариб юбордим. Шундан сўнг улар менга ҳужум қила бошлади. Чап юзимдан муштлаб уриб, сочимдан ушлаб олди. Хонадон киришида турган оёқ кийим қўядиган билан зарба берди», — дейди аёл.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси томонидан олиб борилган қидирув-суриштирув ишлари натижасида босқинчиларнинг шахси аниқланган. Маълум бўлишича, улар ака-ука бўлган.

«У бир оз қаршилик кўрсатгани учун юзига муштлаб урдим. Ётоқхонада пул бор, деди. У ёққа олиб боргач, битта шкатулкани олиб тўкди. Ичида бир нечта узук ва 400 доллар пул бор эди. Яна пул борми, деб сўрадим. Нариги хонани кўрсатди», — дейди эркаклардан бири.

Aниқланишича, босқинчилар шу куни уйдан нархи 750 долларга тенг бўлган аёллар тақинчоқлари ва 500 доллар топишган. Aёл илтимосдан сўнг фарзандини бир оз бағрига босган. Кейин эса эркаклар унинг қўлини арқон, оёғини компютер кабели билан боғлаб, оғзига пайпоқ тиқиб, воқеа жойида яширинган.

Тергов ишлари давомида маълум бўлишича, эркаклардан бири мазкур хонадон эгасининг фирмасида ишлаган ва бошлиғи пулини бермагач, акаси билан тил бириктириб, уйига ўғриликка тушган.

Ҳолат юзасидан Р. ва Ш. исмли шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 3-қисми «в» банди билан айб эълон қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда ушбу шахсларнинг бошқа жиноятларга ҳам алоқадорлиги текширилмоқда.

Aввалроқ Яшнободда қиз 64 ёшли бувисининг 10 миллион сўм пули ва тилла тақинчоғини ўғирлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шофирконда сейфдан салкам 83 миллион сўм ўғирлаган 22 ёшли йигит қўлга олингани хабар қилинган.

Янгиликлар