Шофирконда сейфдан салкам 83 млн сўм ўғирлаган 22 ёшли йигит қўлга олинди

Бухоро вилояти Шофиркон туманида 17 октябрь куни 50 ёшли аёлнинг хонадонига тушган ўғри темир сейфдан жами қиймати 83 000 000 сўмга яқин буюмларни ўғирлади. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, Шофиркон туманм, Денов маҳалла фуқаролар йиғини, Работ қишлоғи, 52-уйда яшовчи, 1970 йилда туғилган фуқаро Р.З.нинг хонадонига 16 октябрь куни тунда номаълум шахс уғирликка тушган. Ётоқхонада бўлган темир сейфни хонада қолдириб кетилган калити ёрдамида очиб, ичидан 1000 доллар, 10 000 000 сўм нақд пул, жами баҳоси 62 109 000 сўмлик турли хилдаги тилла тақинчоқларни ўғирлаб, жами 82 479 000 сўмлик кўп миқдордаги моддий зарар етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Фуқаро З.Р. туман ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, ҳолат юзасидан олиб борилган тергов-қидирув ҳаракатлари натижасида Бухоро шаҳар, Кўксарой кўчасида яшовчи, 1998 йилда туғилган, якка тартибда ишловчи Р.И. содир қилганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Ҳозирда Р.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода мижозларни қарийб 2,5 млрд сўмга «ухлатган» қурувчи қўлга олингани, Қоракўлда 13 кишининг молини олиб, уларни салкам 490 миллион сўмга «ухлатган» савдогар қўлга олингани ва Шофирконда устахонадан 5 млн сўмлик «карчер» ўғирлаган йигит қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар