Бухорода мижозларни қарийб 2,5 млрд сўмга «ухлатган» қурувчи қўлга олинди
Бухоро вилояти Бухоро шаҳрида мижозларни қарийб 2 479 500 000 сўм сўмга «ухлатган» қурувчи қўлга олинди. Бу ҳакда вилоят ИИБ ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.
Маълум қилинишича, тадбиркор жами 40 нафар фуқародан 2 479 500 000 сўм пул маблағларини олиб уларга ваъда қилинган уй-жойларни қуриб бермасдан алдов йўли билан олган пулларини шахсий манфаатларига сарфлаб фирибгарлик жиноятини содир этган.
Таъкидланишича, Бухоро шаҳри, Булғор аҳоли яшаш пунктида 2016 йилда эски, икки қаватли ёғоч уйлар ўрнига янги уй-жойлар қурилиши бошланган. Шерали Фатхуллаев ҳам шу ҳудудда кўп қаватли турар-жойлар қуришни ваъда қилиб аҳолидан турли келишувлар асосида пул маблағларини ола бошлаган.
Шунингдек, 2-3 йил деб кўрсатилган битимнинг муддати орадан 4 йил ўтсада қурилиш ишлари олиб борилмагач, мижозлар ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Мазкур қурувчи томонидан ўтган 4 йил ичида 1 та 40 хонадонли кўп қаватли уй қуриб битказилган бўлиб, аммо, баъзи хонадонлар 2 мижозга расмийлаштирилган.
Ҳолат юзасидан Фатхуллаев Шерали Ашуровичга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисми, «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт жораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов-суриштирув ҳаракатлари тугатилиб, иш суд муҳокамасига юборилган.
Аввалроқ Бухорода январь—сентябрь ойларида 2 мингдан ортиқ жиноят содир этилгани, Фарғона шаҳрида пойтахтдан уй олиб беришини айтиб, эркакни 20 минг долларга «ухлатган» одам ушлангани ва Намангандан ҳоким орқали ер олиб беришини айтиб, фуқарони 34 минг долларга «ухлатган»лар ушлангани ҳақида хабар қилинганди.