Намангандан ҳоким орқали ер олиб беришини айтиб, фуқарони 34 минг долларга «ухлатган»лар ушланди
Наманган шаҳрида ҳоким орқали ер олиб беришини айтиб, фуқарони 34 минг долларга «ухлатган»лар ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Наманганда 2019 йил декабрь ойида 48 ёшли А.Х. ва 23 ёшли Б.Б. лар олдиндан жиноий тил бириктирган Наманган шаҳар, «Ғалча» МФЙда яшовчи С.А. нинг ишончига кирган. Унга Наманган туман ҳокими билан гаплашиб, тикувчилик цехи қуриш учун Наманган туманида жойлашган дала майдонидан ер майдони ажратиб беришини айтган. Ҳар бир сотих ер учун 700 доллардан маблағ талаб қилган.
Қайд этилишича, С.А. нинг ишончини суиистеъмол қилиш орқали 322 714 400 сўм ҳисобидаги жами 34 минг долларини қўлга киритган. С.А.га ер майдони олиб бермай, пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат бўйича 2020 йил 2 октябрда Наманган шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан А.Х. ва Б.Б. ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилаётгани маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада танишининг «Captiva»сини қарзга олиб, машинани бошқасига сотиб юборган шахс ушлангани ҳамда Фарғона шаҳрида фуқаронинг телефонини фойдаланишга олиб, сотиб юборган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.