Фарғонада танишининг «Captiva»сини қарзга олиб, машинани бошқасига сотиб юборган шахс ушланди

Фарғонада танишининг 20 минг долларлик «Captiva»сини сотиб юбориб, пулини бермай кетган шахс ушланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Фарғона шаҳрида 2016 йилнинг декабрь ойида И.Х. таниши М.Д.нинг ишончига кириб, «Captiva» русумли автомашинасини 20 минг АҚШ доллари эвазига сотиб олишга ва пулини бир йил муддатда беришига келишган. Лекин берган ваъдасини бажармасдан, автомашинани бошқа шахсга сотиб юбориб, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Фарғонада фирибгарлик ҳамда босқинчилик жиноятини содир этиб, терговдан яширинган 3 нафар шахс ушлангани, Фарғона шаҳрида фуқаронинг телефонини фойдаланишга олиб, сотиб юборган шахс қўлга олингани хабар қилинган эди.

Янгиликлар