Шавкат Мирзиёев Сирдарёдаги «Янги Тошкент»ни бориб кўрди (фото)
Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги «Янги Тошкент» маҳалласини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар беди.
Маълум қилинишича, «Янги Тошкент» маҳалласида 130 та коттеж таъмирланиб, коммуникация тармоқлари тикланган. Янги маҳалла гузари, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, кутубхона, спорт мажмуаси, ички йўллар қурилган. Шавкат Мирзиёев қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Аҳоли билан суҳбатлашди.
«Бу ерга келганимда вазият жуда ачинарли эди. Бу менинг уйим, жигарларим, фарзандларим, деб юрагимдан ўтказдим. Пул топиш, ташкил қилиш осон бўлгани йўқ. Худога шукр, ҳаммаси ортда қолди. Бу уйлар сизларга буюрсин. Энди бу ободликни асраб, яхши яшаб, яхши тўйлар қилинглар. Ўзи менинг энг катта мақсадим — ёшларни бахтли кўриш», — дейди давлат раҳбари.
Шунингдек, ушбу маҳаллада тикувчилик корхонаси ташкил этилган. Корхона 2021 йил тўлиқ қувватга чиққач, йилига 500 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилади. Уларнинг бир қисмини экспорт қилиш режалаштирилган Унда 50 нафардан зиёд хотин-қиз иш бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни яна Сирдарё вилоятига борди. Давлат раҳбари дастлаб Мирзаобод туманидаги «Ҳақиқат» маҳалласига ташриф буюрди.