«Президент бир йилда бир келиб, кўриб кетгани билан натижа бўлиб қолмайди». Шавкат Мирзиёев раҳбарларни тизимли ишлашга чақирди

Урганч шаҳрида Хоразм вилояти фаоллари ва тармоқлар мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда Шавкат Мирзиёев раҳбарларни тизимли ишлашга чақирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Президент йиғилиш аввалида хоразмлик деҳқон ва фермерларни, Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан яна бир бор табриклаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Хоразмга бу йил иккинчи марта келяпмиз. Мақсад — сизларнинг кўзларингизга қараб, вилоятдаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, яна нима имкониятлар бор, қандай тартиб, қандай кўмак керак, нима натижа бўлади, деган саволларни қўйиб мулоқот қилиш. Баландпарвоз гаплар билан иқтисодиётни юритиб бўлмайди. Муаммони билсак, қарор тўғри, адолатли бўлади», — дейди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари «маҳалла раиси — ислоҳотчи» тамойили асосида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий этилишини таъкидлаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Президент бир йилда бир келиб, кўриб кетгани билан натижа бўлиб қолмайди. Ҳар бир ҳоким, иқтисодий комплекс раҳбарлари ҳудуддаги муаммолар бўйича тизимли ишлаши керак. Четдан келиб биров қилиб бермайди. Мана, кеча Хоразмдаги шаҳар ва туман ҳокимлари билан гаплашдим. Қанча маблағ сўраса, бердим. Пулимиз кўплиги учун эмас, масала қўя олгани учун. Одамлар ҳам бефарқ бўлмаслиги керак. Маҳаллий кенгашлар, маҳаллалар талаб қилиши лозим», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, йиғилишда шлаб чиқариш ва хизматларни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, кам таъминланганларни камбағалликдан чиқариш, маҳаллалардаги ижтимоий шароитларни яхшилаш бўйича вазифалар белгиланган.

Эслатиб ўтамиз Шавкат Мирзиёев ЕОИИ саммитида иштирок этиши ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини олгани хабар қилинган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига жўнаб кетгани ҳақида маълум қилинган эди.

Янгиликлар