Инвестиция қанча бўлган? Инвестиция ва ташқи савдо вазири Марказий банк билан вазирлик рақамларидаги тафовутга изоҳ берди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов 12 январь куни ташкил этилган матбуот анжуманида тўғридан тўғри инвестициялар бўйича келтириладиган рақамлар нима сабабдан вазирлик билан Марказий банкда турли кўринишда бўлишини маълум қилди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Сардор Умурзоқовнинг сўзларига кўра, бунинг асосий сабаби ҳисоб-китоб усуллари турличалигида. Маълум қилинишича, вазирлик ҳисоб-китоблари БМТ методологиясига, Марказий банкники эса Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси методикасига асосланган.

«Марказий банк билан бизнинг вазирлик статистикасида катта фарқ бор. Чунки Марказий банк Халқаро валюта жамғармасининг алоҳида методикасидан фойдаланади. Уларники тўлов баланси бўйича статистикани ҳисоб-китоб қилганда келиб чиқадиган рақамлардир. Яъни Марказий банк бевосита пул шаклида келадиган инвестицияларни ҳисобга олади. Шунда ҳам, агар эътибор берилса, улар ҳар чоракда эълон қилинадиган рақамлар сальдосинигина кўрсатади. Яъни киргандан чиққандан айириб, соф рақамни кўрсатади», — дейди у.

Унинг маълум қилишича, Давлат статистика қўмитаси билан ҳам вазирликнинг рақами прогнозида фарқ бўлиши мумкин:

«Тўғридан тўғри инвестициялар нафақат пул кўринишида, балки Ўзбекистонга асосан технология шаклида, яъни ускуна, механизмлар, лицензиялар ва шунга ўхшаш активлар кўринишида кириб келади. Жуда кўп инвесторларимиз ўзи келаётган давлатдан технология сотиб олади. Масалан, хитойлик бўлса, Хитой техникасини олиб келади. Европалик бўлса, Германия, Италияники ва бошқалар. Бизнинг ҳисоб-китобларимиз БМТ методологиясига асосланган. Давлат статистика қўмитаси билан ҳам бизнинг рақамимиз прогнозида фарқ бўлиши мумкин. Лекин якуний ҳисоб-китоб қилинганда фарқ бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун мана кутамиз, 15-20 январда ўтган йилнинг якуний кўрсаткичи эълон қилинади».

Коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган даромадлар декларацияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси борасида бош вазир ўринбосарлари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамда Инвестициялар ҳамда ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов фикр билдирган эди.

Янгиликлар