«Амалдорларни қандай соат тақишигача назорат қилиш лозим». Бош вазир ўринбосарлари даромадлар декларациясига доир қонун лойиҳаси ҳақида
Ўзбекистонда Президентдан тортиб барча давлат хизматчиларининг мол-мулки босқичма-босқич декларация қилиниши ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан даромадлар декларацияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва ҳозирда мазкур қонун лойиҳаси тегишли органларга келишиш учун киритилган. Ушбу қонун лойиҳаси борасида бош вазир ўринбосарлари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамда Инвестициялар ҳамда ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов фикр билдирди, дея хабар бермоқда «Daryo».
Хусусан, Азиз Абдуҳакимов қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишидан ҳавотири йўқлигини билдириб, ким давлат ташкилотида ишласа, у ўзини декларация қилишини айтиб ўтган.
«Бу қонун лойиҳасидан нега хавотирланаман? Менда умуман хавотир йўқ. Бу жуда бир тўғри ҳолат. Ҳамма, агар давлат ташкилотида ишласа, ўзининг декларациясини қилиши керак. Одамлар ҳам кўриши лозим: қайси амалдор қандай ҳаёт кечирмоқда, қаердан қандай даромад кўрмоқда ва ўз маблағларини қаерга сарфламоқда.
Агар буни кўрсатгиси келмаса, давлат ишидан четлашиб, ўзининг бизнеси ёки бошқа иши билан шуғулланиши керак. Қонун чиққач, Ўзбекистоннинг барча фуқароси унга тўлиқ бўйсуниб, риоя этиши лозим», — дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси.
Шунингдек, Сардор Умурзоқов қонун лойиҳасига ижобий муносбат билдириб, даромад декларацияси коррупциянинг олдини олиш ва амалдорларнинг масъулиятини оширишга жуда катта ҳисса қўшишини таъкидлаган.
«Мазкур қонун лойиҳасига амалдор сифатида муносабатим жуда ижобий. Бу тартиб бутун дунёда мавжуд. Даромадлар декларацияси биринчи босқич бўлса, иккинчи босқичда айрим мамлакатларда бор бўлган ҳолат — харажатлар декларациясини ҳам жорий қилиш керак. Даромад декларацияси коррупциянинг олдини олиш ва амалдорларнинг масъулиятини оширишга жуда катта ҳисса қўшади.
Шу билан бирга биз барибир бориб-бориб, амалдорларнинг харажатларини ҳам назоратга олишимиз керак. Уларни қандай уйда яшаяпти, қандай машина сотиб олди, кечирасизу, масалан, қандай кийим кийиб юргани-ю, қандай соат тақишигача назорат қилиш лозим. Бунга ҳам жуда тезкорлик билан етиб боришимиз керак.
Анча вақт аввал, тўрт йил давомида Буюк Британияда яшаб, ишлаганим боис бу тажрибалар ва талаблар менга бегона эмас, жуда таниш. Ушбу тизим коррупция билан курашда энг катта фойда берадиган чоралардан бири, деб ҳисоблайман. Даромад декларациясини тўлдириб, эълон қилиш менга муаммо туғдирмайди, бунга тайёрман», — дейди Инвестициялар ҳамда ташқи савдо вазири.