Самарқандда мактаб ўқитувчиси маст эркак томонидан калтакланди
Ижтимоий тармоқларда Ургут туманидаги 112-умумтаълим мактаби ўқитувчисини маст ҳолатда бўлган фуқаро калтаклагани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси изох берди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат жорий йилнинг 27-октабр куни содир бўлган.
Шундан сўнг, мактаб раҳбарияти томонидан ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлимига хабар берилган ва ўқитувчи туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.
Шунингдек, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ўқитувчининг аҳволидан хабар олиш мақсадида тиббиёт бирлашмасига боргани билдирилган.
Айни пайтда ўқитувчининг умумий аҳволи яхши. Ушбу ҳолат Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан назоратга олинган, — дейилади хабарда.
Ҳолат бўйича ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли суриштирув ишлари олиб борилмоқда.





