Қозоғистонда кафедаги портлаш: ҳалок бўлганлар сони 11 кишига етди 

Қозоғистоннинг Щучинск шаҳридаги кафеда юз берган фавқулодда ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони 11 кишига етди, деб хабар қилди Ақмола вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Нариман Ермек.

Барча шифокорлар саъй-ҳаракатларига қарамай, Щучинскдаги портлашдан жабр кўрган яна икки оғир бемор вафот этди. 8 март куни «Авиценна-Бурабай» стационар реанимациясидаги бемор вафот этди, 9 март куни эса Қокшетау шаҳридаги Ақмола вилояти кўп профилли касалхонасида даволанган бемор аёл ҳаётдан кўз юмди, — деди Нариман Ермек.

Бошқарманинг хабар беришича, жабрланганларга тиббий ёрдам тўлиқ кўрсатилмоқда, барча тиббий, кадр ва техник ресурслар сафарбар қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 26 февральдан 27 февральга ўтар кечаси Щучинск шаҳридаги кафеда газ баллони портлаши юз берган. Ўшанда олти киши ҳалок бўлгани хабар қилинган, кейинчалик ҳалок бўлганлар сони тўққиз кишига етган. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Жаҳон