Фарғонадан Қирғизистонга яширинча олиб кетилаётган 2 млрд сўмдан зиёд олтин қуймалари тўхтатиб қолинди

Фарғона вилоятида товар-моддий бойликларнинг мамлакат ҳудудидан ноқонуний олиб чиқилиши тўхтатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Жумладан, Фарғона туманида яшовчи, 1996 й.т. шахс бошқарувидаги Damas русумли автотранспорт воситаси Қирғиз Республикасига чиқиш мақсадида «Водил-авто» чегара божхона постига кириб келган вақтида текширувдан ўтказилади.

Натижада, автомашина кузов қисмининг ичига яширилган 4 дона ностандарт шаклдаги олтин қуймалар борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Экспертиза хулосасига кўра, уларнинг соф оғирлиги 1 кг 232 гр бўлиб, умумий баҳоси 2 млрд 182 млн 466 минг сўмни ташкил этади.

Ҳолат юзасидан, Жиноят Кодексининг 182-моддаси (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Ўзбекистон