Словакия ва Финляндия президентлари Ўзбекистонга келди

Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Словакия президенти Петер Пеллегрини амалий ташриф билан мамлакатга келди. Бу ҳақда Дунё агентлиги хабар берди.

Олий мартабали меҳмонни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Ташриф дастурига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилади, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболлари муҳокама қилинади. Петер Пеллегрини фахрий меҳмон сифатида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида иштирок этади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Финляндия президенти Александр Стубб расмий ташриф билан Тошкентга келди.

Ташриф доирасида, Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади, уларда Ўзбекистон билан Финляндия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалиги, экология, кимё, энергетика, рақамлаштириш, тоғ-кон саноати ва бошқа инновацион тармоқларда кооперацияни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилади.

Меҳнат миграцияси, маданият, таълим тизимига илғор технологияларни жорий этиш соҳаларида ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилади. Халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, шу жумладан, кўп томонлама тузилмаларда ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам фикр алмашилади.

AI News