Ўзбекистонда мулк солиғи туфайли 41 минг юридик шахсда солиқ мажбуриятлари ошади

Ўзбекистонда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга пасайтирилган эди. Аммо янги ўрнатилган тартибга кўра, солиқ тўловчиларнинг тўлов суммаси камайиш ўрнига кўпайиши прогноз қилинган.

Давлат солиқ қўмитаси мулк солиғи мажбуриятлари бўйича қайси турдаги солиқ тўловчиларда солиқ ошиши, қайсиларида камайиши ва қайсиларида ўзгармаслиги ҳақида маълумот тақдим этган. Унга кўра,

  • 69 мингдан ортиқ мол-мулк солиғи тўловчисидан белгиланган тартибда кўчмас мулкини қайта баҳолаб борган 21 мингдан ортиқ солиқ тўловчида мол-мулк солиғи 2021 йилга нисбатан камаяди (минимал қиймат таъсир қилмайди);
  • мулк қиймати (бозор қийматидан) паст кўрсатилган 41 минг юридик шахсда солиқ мажбуриятлари ошади;
  • 7 мингга яқин тўловчида солиқ суммаси ўзгаришсиз қолади;
  • мулк қийматини «ноль» кўрсатиб, белгиланган тартибда қайта баҳолаш ўтказмаган ва мол-мулк солиғи тўламаган 5 мингга яқин корхона баҳолаш натижасига кўра мол-мулк солиғини қайта ҳисоб-китоб қилади.

Гап шундаки, мол-мулк солиғини ҳисоблашда бино ва иншоотлар бўйича солиқ базаси (линияли объектлар ва тугалланмаган қурилиш объектлари бундан мустасно) бу объектларга 1 квадрат/метр учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қийматдан паст бўлиши мумкин эмаслиги бўйича қуйидаги миқдордаги тартиб киритилмоқда:

  • Тошкент шаҳрида — 2 миллион 500 минг сўм;
  • Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида — 1 миллион 500 минг сўм;
  • Бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда — 1 миллион сўм.

Мазкур ўзгариш гарчи солиқ ставкаси пасайган бўлса ҳам, кадастр қиймати бозор нархидан паст кўрсатилган кўчмас мулк эгаларининг солиқ тўлови кўпайишини англатади. Яъни нотариус олди-сотди шартномаларида мурожаат этилган мулк қиймати паст баҳода қолиб кетаётгани туфайли ҳукумат мулк солиғини ундиришда бошқа тартибни киритиб, бозор нархига асосланган ҳолда солиқ тўлашни таклиф этди. Шу туфайли гарчи мулк солиғи ставкаси 0,5 фоизга пасайтирилган бўлса-да, тўлов ошади.

Солиқ тушумлари кўпайиши бўйича тахмин биргина Тошкент шаҳрининг 2022 йилги ва 2021 йилги бюджетини ўзаро таққослаганда ҳам яққол кўзга ташланади. Масалан, 2021 йилда Тошкент шаҳри бюджетига юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан 313 миллиард тушум бўлган, янги тартиб амал қилгандан кейин 2022 йил бу сумма 728 миллиардга ошиши кутилмоқда. Бу дегани юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тушуми 2 баравардан кўпроққа ошиши режалаштирилган.

Янгиликлар