Қозоғистонда ўқиётган ўзбекистонлик талабаларга ўқишини кўчиришда имтиёз бериладими?

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳориж мамлакатларидаги ўзбекистонлик талабалар ўқишини имтиҳонсиз «перевод» қилиш ҳақида тарқалган хабарга муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, бундай маълумотлар ҳақиқатга мос келмайди, хозирда ўқишни кўчириш бўйича алоҳида имтиёзлар бериш кўзда тутилмаган. Вазирлик мутасаддиларининг таъкидлашича, фақат узрли сабаблар бўлган тақдирдагина ўқишни кўчириш мумкин.

Унга кўра, ҳозир талабалар узрли сабабларсиз ўқишини кўчира олмайди. Чунки Ўзбекистонда фуқаролар «перевод» бўйича умумий тартибда ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Қозоғистондаги ҳолат ўқишни кўчиришда давлат томонидан имтиёз берилишига сабаб бўлмаслиги таъкидланди.

Маълумот учун 2021/2022 ўқув йилида узрли сабабларга кўра ўқишни кўчириш тўғрисидаги аризалар  ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан 2022 йилнинг 20 январь кунига қадар (шу куни ҳам) соат 09:00 дан 17:00 гача кўриб чиқилиши белгиланган.

Қуйида узрли сабаблар орқали муддатидан олдин ўқишни кўчириш ҳолатлари ёзилган:

  • республиканинг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган (доимий рўйхатдан ўтган) ҳудудга кўчганда;
  • турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда;
  • ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда;
  • хорижий ОТМдан ўқишни Ўзбекистонга «перевод» қилишнинг ўтиш бали  66,1 этиб белгиланган.

Янгиликлар