Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади

Шавкат Мирзиёевнинг 12 январда «Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Маълум бўлишича, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигига қаратилган рейтинг баҳолаш тизими жорий этилиб, баҳолаш қуйидаги 5 та йўналиш бўйича белгиланган индикатор асосида амалга оширилади:

  • давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилгани ва амалиётга татбиқ этилгани;
  • коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилгани;
  • давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги;
  • ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилгани;
  • коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.

Таъкиланишича, тизим 2022 йил 1 февралдан бошлаб эксперимент тариқасида ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган 26 та давлат ташкилоти фаолиятига, 2022 йил 1 июлдан барча давлат ташкилоти фаолиятига жорий этилиши маълум қилинган.

Шунингдек, баҳолаш «E-Anticor.uz» электрон платформаси орқали ташкил этилиши ҳамда тизим 0 балдан 100 балгача рейтингда баҳоланиб, фаолият самарадорлиги «яхши», «қониқарли» ва «қониқарсиз» тоифага ажратилиши айтилган.