Фарғонада унаштируви бекор қилинган йигит севган қизининг уйини ёқиб юборди (видео)

Фарғона вилояти Бешариқ туманида унаштируви бекор бўлган йигит севган қизининг уйини ёқиб юборди. Бу ҳақда «Севимли» телеканалининг «Замон» ахборот дастурида маълум қилинди.

 

«Муносабатимиз яхши эди. Тўғри, отаси йўқ экан, нима сабабдан йўқлиги оилавий иши бўлса керак деб, бунга қизиқмадим. Бир ўтинимни қилиб беринг, бир бодомимни қоқиб беринг, печкамни қуриб беринг, деб ўзлари чақирарди. Борардим, хизматини қилиб, чиқиб келардим», — дейди йигит.

Йигитнинг сўзларига кўра, қиз билан келишмовчилик юз берган ва йигит уни сўккан. Буни эшитган қизнинг онаси унаштирувни бекор қилишга тушган. Йигитнинг оиласи ва маҳалласидаги оқсоқоллар бориб, бу иш учун кечирим сўраган. Бироқ қиз томон унаштирувни бекор қилишга қарор қилган.

Маълум бўлишича, унаштирув бекор қилингани сабабли тушкунликка тушган йигит кечирим сўраш ва имкони бўлса, ярашиш учун қизнинг уйига борган. Унинг сўзларига кўра, қизнинг уйида ҳеч ким бўлмаган. Йигит у ердан чиқиб кетаётган вақтда сигарет чекиб, уйнинг пардасига ўт қўйиб юборган. Шундан кейин у оловни ўчириб, чиқиб кетган. Йигит уйни тарк этганидан кейин у ерда катта ёнғин юз берган.

Ёнғиндан ён-атрофдагилар хабар топиб, ўт ўчириш ходимлари туман марказидан етиб келгунига қадар хонадондаги уй ва бошқа иморатларга катта талафот етган. Уй эгасининг аризасига биноан, Бешариқ тумани ИИБ тезкор тергов гуруҳи вакиллари воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганган. Баҳолаш компаниясининг ҳисоб-китобларига кўра, ёнғин натижасида мазкур хонадонга 268 миллион сўмлик моддий зарар етказилганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан йигитга нисбатан, Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми «б» банди (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Самарқандда хотинини ўлдириб, уйини ёқиб юборган шахсга жиноят иши қўзғатилгани, Бухорода қайнатасининг фоҳишаликда айблаб, доимий зулмларига чидолмаган келин устига бензин сепиб, ўзини ёқиб юбориши оқибатида вафот этгани ҳамда Бухорода ёқтирган йигитига суратларини юборган қизни қўрқитиб, 3700 доллар ҳамда 20 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни қўлга киритган аёл ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар