Наманганда жанжал оқибатида ука аканинг қўлини белкурак билан чопиб ташлади (видео)
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида маст ҳолда укасининг уйига келиб, жанжал чиқарган фуқаронинг қўли чопилди. Бу ҳақда «Бу кун» информацион теледастури хабар берди.
26 июль соат 20:00 ларда фуқаро маст ҳолатда укасининг уйига келиб, жанжал чиқарган. Жанжал оқибатида унинг укаси аввалига пичоқ билан акасининг қорни ва бошига жароҳат етказган, сўнг белкурак билан қўлининг билак қисмидан чопиб ташлаган. Жиноят изини беркитиш мақсадида чопилган қўлни қора елим ҳалтага ўраб, уйидаги ҳожатхонага ташлаб юборган.
Оила аъзолари воқеадан хабар топгач, тез ёрдам чақирилиб, жабрланувчи шифохонага ётқизилган. Шифокорларнинг хулосасига кўра, жабрланувчи умумий меҳнат қобилиятининг 60 фоизини турғун йўқотилишига олиб келадиган оғир тан жароҳати олганлиги маълум қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Янгиқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчи Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «б» ва «в» бандлари билан айбланиб, хавфсизлик юзасидан қамоққа олиш эҳтиёт чораси кўрилган.
Аввалроқ Асакада эр-хотин урушини ҳал қилиш учун келган инспектор жароҳатлангани ҳақда хабар берилган эди.