Асакада эр-хотин жанжали оқибатида профилактика инспектори жароҳатланди (видео)

Андижон вилояти Асака туманида 2 август, якшанба куни эр-хотин урушини бартараф қилиш учун келган профилактика инспекторига тан жароҳати етказилди. Бу ҳақда «Зўр ТВ» телеканалининг «Бу кун» кўрсатувида хабар берилди.

Маълум бўлишича, 2 август куни соат 15:00 атрофида Й.У. исмли фуқаро уйига маст ҳолатда келган ва набираларининг велосипед ғилдирагини тешганини кўриб, жанжал келтириб чиқарган. Ғазабланган эркак болаларнинг аламини ўз аёлидан олишга уринган ва у билан тортишган. Шундан сўнг турмуш ўртоғи қўшниникига қочиб, у ердан ички ишлар ходимларига хабар берган.

Воқеадан хабар топган ҳудуд профилактика инспектори воқеа жойига етиб келган ва спиртли ичимлик таъсирида бўлган шахсни тартибга чақиришга уринган. Aммо фуқаро ходимнинг сўзларига қулоқ солмай, қаршилик кўрсатган. Ички ишлар ходими талабига бўйсунмаган фуқаронинг қўлига кишан солинаётган пайтда эркак дарвозахонадаги пичоқ билан ходимнинг қўлига тан жароҳати етказган. Шундан сўнг қўшнилар жабрланган инспекторни шифохонага олиб борган. Ходим йўлда ушбу ҳолат бўйича ўз ҳамкасбига хабар берган ва иккинчи инспектор хонадонга келиб, қўлига пичоқ кўтарган шахсни ички ишлар идорасига олиб кетган.

Таъкидланишича, мазкур фуқаронинг ёши, оилавий аҳволи, Чернобиль фожеасида қилган хизматлари ва бошқа ҳолатлар инобатга олинган ҳолда эҳтиёт чораси — қамоққа олиш қўлланилмаган. МФЙ раисининг сўзларига кўра, улар аввалдан жанжалкаш оилалар рўйҳатида турган ва бир неча маротаба профилактика инспекторлари томонидан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилган.

Ҳозирда вилоят кўп тармоқли оилавий поликлиникасида даволанаётган профилактика инспектори шифокорлар назоратида. Ҳолат юзасидан Aсака туман прокуратураси тергов ва суриштирув ҳаракатларини олиб бормоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Самарқандда хотинини чопиб ташлаб, уйини ёқиб юборган эркак ўз жонига қасд қилгани, Бухорода қайнатасининг фоҳишаликда айблаб, доимий зулмларига чидолмаган келин устига бензин сепиб, ўзини ёқиб юбориши оқибатида вафот этгани ҳамда шаҳрисабзлик эркак оилавий жанжал сабаб ўзи, 3 нафар фарзанди ва аёлини ёқиб юборгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар