Наманганда тоза ичимлик суви учун аҳолидан йиғиб олинган 190 миллион сўм пуллар талон-торож қилинди
Наманган вилояти Мингбулоқ туманида аҳолидан тоза ичимлик суви учун йиғилган пулларни собиқ мансабдорлар талон-торож қилгани фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News»га маълум қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Мингбулоқ туман бўлими терговга қадар текширув ўтказган. Унда тумандаги «Тоза ичимлик сув» унитар корхонаси собиқ мансабдор шахслари етказилган тоза ичимлик суви учун аҳолидан йиғиб олинган 190 миллион сўм нақд пулни талон-торож қилгани аниқланган. Улар пулларни тегишли банк кассасига топширмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан корхона раҳбарининг собиқ биринчи ўринбосари М.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Навоийда солиқ инспекцияси тадбиркордан 6 миллиард сўм пулни ноқонуний ундиришга ҳаракат қилгани, Бекободда кам таъминланган оилалар учун ажратилган маблағларни талон-торож қилган маҳалла раисига жиноят иши қўзғатилгани ва Мингбулоқда аҳолининг 190 миллион сўм пулини талон-торож қилган мансабдорлар фош этилгани ҳақида хабар берилганди.