Фарғона ИИБ ходимининг муомаласи танқидга олинган видео юзасидан муносабат билдирилди (видео)

Фарғона вилояти ИИБ тизим ходимининг муомаласи танқидга олинган видео юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, 12 сентябрь куни Қўқон шаҳридаги «Парпашабоф» МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи 2 нафар аёл ва ҳудуд профилактика инспектори М.А. ўртасида ўзаро жанжал келиб чиққан. Мазкур ҳолат видеотасвирга олиниб, видеомонтаж қилинган ҳолда ижтимоий тармоқларга сиздирилган.

Вилоят ИИБга етиб келган аудиоёзув давомийлиги 10 дақиқадан зиёдроқт экани айтилмоқда. Унда профилактика инспектори ва аёлларнинг қўпол оҳангдаги сўзлашувлари тўлиқ ўз аксини топган.

«Ҳозирда интернетдаги видеомурожаатда келтирилган ҳолатларни текшириш, шунингдек, профилактика инспектори М.А.нинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш мақсадида тегишли хизматлар томонидан хизмат текшируви тайинланган бўлиб, якуни бўйича қўшимча хабар берилади», — дейилади муносабатда.

Аввалроқ прокуратура Андижонда шифокорни калтаклаган ИИБ ходими ишини ўрганишни бошлагани, «ГАИ» ходими ҳайдовчининг соқол ўстирганига эътирози акс этган видео юзасидан муносабат билдирилгани хабар қилинган эди.