Самарқандлик тиббиёт фанлари доктори Республика тиббиёт марказига раҳбар бўлди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига асосан, Саидахон Мирраҳимова Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, унга марказ фаолияти ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, наркологик касалликлар соҳасидаги профилактика, диагностика ва даволаш ишларида инновацион технологияларни татбиқ этиш, етакчи хорижий тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, тизимда ахборотларнинг фаол алмашинувини таъминлаш сингари вазифалар юклатилди.

Қайд этилишича, 37 ёшли тиббиёт фанлари доктори Мирраҳимова Лондондаги Стаффордшир университетида соғлиқни сақлашни ташкиллаштириш бўйича малакасини оширган.

Саидахон Мирраҳимова айни пайтгача Самарқанд вилоят ихтисослашган кўз касалликлари шифохонаси бош шифокори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Поп туманига янги бош имом-хатиб тайинлангани ҳамда Давлат ва хўжалик бошқарув органларида ёшлар сиёсатини мувофиқлаштириш бошқармасига янги бошлиқ тайинлангани ҳақида хабар қилинганди.