Самарқандда алимент тўламай келган эркакдан 45 млн сўмдан ортиқ пул ундирилди
Самарқандда салкам 4 йилдан бери алимент тўловларини тўламасдан келган ота уч нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун 45 миллион 154 минг сўм пулни тўлаб берди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими «Tez News»га маълум қилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг қарори билан фуқаро У.С.дан ундирувчи У.М.нинг уч нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун иккидан бир қисми миқдорида алимент ундириб бориш белгиланган.
Ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ижро иши юритилган. Фуқаро У.С. салкам 4 йилдан бери алимент тўловларини тўламасдан келган.
Ушбу шахсга тушинтириш ишлари олиб борилиб, у 45 миллион 154 минг сўм пулни тўлаб берди, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aсакада алимент тўламаган уч нафар шахс 15 суткага қамалгани ҳамда Қашқадарёда МИБ ёрдамида 3 ойдан бери алимент ололмаётган аёлга пуллар ундириб берилгани ҳақида хабар қилинганди.