Қашқадарёда МИБ ёрдамида 3 ойдан бери алимент ололмаётган аёлга пуллар ундириб берилди
Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилоят бошқармаси Косон туман бўлими томонидан ундирувчининг алимент пуллари тўлатиб берилди. Бу ҳақда «Tez News» га МИБнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси хабар қилди.
Telegram орқали 2020 йилнинг 8 август куни фуқаро М.Чориева томонидан йўлланган мурожаатда Косон туманида яшовчи Чориева Маҳлиё Мажбурий ижро бюросининг Косон туман бўлими ходимлари собиқ турмуш ўртоғидан алимент пулларини ундиришда амалий ёрдам бермаётганлигини билдирган.
Хабарда аниқланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро судининг 2019 йил 29 январдаги суд буйруғига асосан қарздор Қувватов Aббосдан ундирувчи Чориева Маҳлиё фойдасига вояга етмаган уч нафар фарзандининг моддий таъминоти учун иш хақи ва бошқа барча даромадларининг иккидан бир қисм миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати МИБнинг Косон туман бўлими иш юритувига 2019 йил 4 февралида келиб тушган. Шу куни ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, унинг нусхаси тарафларга юборилган. Қарздор 2020 йилнинг апрель ойига қадар бўлган алимент пулларини тўлиқ тўлаб келган.
Aпрель ойидан бошлаб алимент пуллари тўланмагандан сўнг ижро ҳаракатлари давомида қарздор A.Қувватовнинг номидаги мол-мулкларини аниқлаш мақсадида тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган.
Сўровномалар натижасида 9 апрелда қарздор «ENTER Engineering Pte. Ltd.» да ишлаётганлиги аниқланган ва у ерга 21 апрелда алимент тўловларини иш ҳақига қаратиш бўйича талабнома юборилган. Хабарда маълум қилинишича, қарздор ўша даврда карантин бошланганлиги сабабли ўз ҳисобидан меҳнат таътилида бўлганлиги учун алимент пуллари ўтмасдан келган.
Қайд этилишича, мурожаатдан сўнг давлат ижрочилари 15 август куни қарздорнинг уйига бориб, унинг ўзидан нақд пул кўринишида 1 августгача бўлган 3 064 000 сўм алимент ва моддий таъминот пуллари ундирувчи М.Чориевага тилхат асосида топширилган.
Эслатиб ўтамиз, Сирдарёда 13 миллион сўмдан ортиқ алимент тўламаган шахсга 15 сутка қамоқ жазоси тайинлангани ҳамда Россияда чиқинди йиғиб юрган Исломбекнинг онасига алимент пуллари ундириб берилгани ҳақда хабар берилганди.